Марказий банк сўнгги пайтларда баъзи кредит ташкилотлари томонидан фуқароларнинг ижтимоий нафақалари ҳисобидан қарз тўловлари автоматик усулда ечиб олинаётган ҳолатларни аниқлади. Бу ҳолат болалар пули, ногиронлик нафақаси ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик пули каби давлат ёрдам пулига ҳам тааллуқли экани маълум қилинди.
Регулятор бу амалиёт фуқароларнинг розилигисиз амалга оширилаётганини кескин танқид қилди. Бундай ҳолат фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш, адолат принципларига зид ва инсофсиз амалиёт сифатида баҳоланди.
Марказий банк барча банк ва микромолия ташкилотларини ўз ички тартибларини қайта кўриб чиқишга, ижтимоий нафақаларни автоматик қарзга йўналтиришни чеклашга ва аҳоли шикоят қилган ҳолларда маблағни қайтариш чораларини кўришга чақирди.
Таъкидланишича, фуқароларнинг ижтимоий нафақалари қонун билан ҳимояланган ва улардан фақат эгалари розилиги билан қарз тўловига йўналтириш мумкин.
Марказий банк ушбу амалиётни молия бозорида адолатли муҳитни таъминлаш ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида таъқиқламоқда. Кредит ташкилотлари бу талабларга риоя этиши шартлиги қайта эслатиб ўтилди.