The Lancet тиббиёт журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, АҚШ президенти Доналд Трампнинг хорижий гуманитар ёрдамларнинг асосий қисми бўлган USAID дастурларини кескин қисқартириш қарори 2030 йилгача 14 миллиондан ортиқ одамнинг эрта ва олдини олиш мумкин бўлган ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Бу ўлимларнинг учдан бир қисми болалар ҳиссасига тўғри келади.
Тадқиқот муаллифларидан бири, Барселона Глобал Соғлиқни Сақлаш Институти олимларидан Давиде Раселла, USAID маблағларининг қисқариши кўплаб мамлакатлар учун глобал пандемия ёки катта қуролли можаро миқёсидаги шокга тенг таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.
Трамп маъмурияти 2025 йил март ойида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио орқали USAIDнинг 80 фоиздан ортиқ дастурлари бекор қилинганини эълон қилган. Рубионинг сўзларига кўра, қолган 1 000 тача дастур эндиликда АҚШ Давлат департаменти ва Конгресс билан мувофиқлаштирилган ҳолда самаралироқ бошқарилади.
Тадқиқот натижаларига кўра, 2001–2021 йиллар оралиғида USAID маблағлари 91 миллион ўлим ҳолатининг олдини олган. Аммо маблағлар 83 фоизга қисқартирилса, 2030 йилгача 14 миллиондан зиёд қўшимча ўлим содир бўлиши мумкин. Улардан тахминан 4,5 миллион нафарини беш ёшгача бўлган болалар ташкил этади.
Маълумотларга кўра, АҚШ дунёдаги энг йирик гуманитар ёрдам кўрсатувчи мамлакат бўлиб, 60 дан ортиқ давлатларда USAID орқали фаолият юритиб келган.
Бироқ, БМТ ходимларининг таъкидлашича, вазият айрим мамлакатларда тобора ёмонлашмоқда. Жумладан, Кениядаги қочқинлар лагерларида АҚШ ёрдамларининг қисқариши оқибатида озиқ-овқат нормалари тарихдаги энг паст даражага тушган.
Кениянинг Какума шаҳрида ББС мухбирлари ёрдам қисқариши туфайли очликдан азият чекаётган болалар ҳолатини кузатган. Улар орасида танаси ҳаддан ташқари озайиб, тери қисмлари қуриб, кўчиб кетган болалар ҳам бўлган.