Россияда шафқатсиз зўравонлик билан ўлдирилган озарбойжонлик ака-укалар дафн этилди

18:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Екатеринбургда полиция рейди пайтида оғир қийноққа солиниб ўлдирилган Сафаров ака-укалар Озарбойжонда дафн этилди. Озарбойжон Бош прокуратураси уларнинг ўлими бўйича жиноят иши қўзғади.

Azs

Озарбойжон фуқаролари Ҳусейн ва Зияддин Сафаровлар Россиянинг Екатеринбург шаҳрида полиция томонидан ҳибсга олиниб, қаттиқ қийноққа солинган ҳолда ҳалок бўлди. Бу юзасидан Озарбойжон Бош прокуратураси жиноят ишини очди.

27 июн куни эрталаб Россия полицияси томонидан ўтказилган рейд пайтида Сафаров ака-укалар жиноятга алоқадорликда гумон қилиниб ушланган. Тергов маълумотларига кўра, улар ушлаш пайтида, йўлда ва маъмурий биноларда шафқатсиз қийноққа дучор бўлган. 1966 йилда туғилган тадбиркор Ҳусейн Сафаров ички ишлар бўлимида, унинг 1970 йилда туғилган укаси Зияддин Сафаров эса полиция машинасида ҳалок бўлган. Зияддин икки фарзанднинг отаси бўлиб, таксичилик билан шуғулланган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Ҳусейн Сафаров қовурғаларининг сингани ва оғир тан жароҳатлари оқибатида шок ҳолатига тушиб вафот этган. Укаси эса кўплаб жароҳатлар сабабли травматик шокдан ҳалок бўлган.

Ушбу воқеа юзасидан Озарбойжон томони қатор жиноий моддалар бўйича иш очди. Жумладан, ўта шафқатсизлик билан, гуруҳ бўлиб ва олдиндан тил бириктириб қасддан одам ўлдириш, қийноқ қўллаш, ваколатни суиистеъмол қилиш каби айбловлар қўйилган.

Ҳозирда бошқа бир неча Озарбойжон фуқароси ҳам шундай ҳолатда тан жароҳати олган ва Россияда даволанмоқда. Жиноят иши қатор моддалар бўйича очилган, жумладан, гуруҳ бўлиб, ўта шафқатсизлик билан, олдиндан тил бириктириб икки ва ундан ортиқ инсонни ўлдириш; қийноқ қўллаш; ваколатни суиистеъмол қилиш каби оғир айбловлар қўйилган.

1 июл куни ҳалок бўлган Зияддин ва Ҳусейн Сафаровлар Озарбойжоннинг Ажабади туманидаги Ҳожибадалли қабристанида дафн қилинди. Маросимда марҳумларнинг яқинлари, оила аъзолари ҳамда Ажабади ва Ағдам туманлари жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Улар шу ерда дафн этилган ота-онасининг ёнига қўйилди.

Мазкур воқеа жамоатчиликда жиддий эътироз уйғотганган. Тергов ишлари Озарбойжон Бош прокуратураси ҳузуридаги махсус тергов бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.