Доналд Трамп Флорида штатидаги Эверглейдс ботқоғида жойлашган янги миграция марказини ўзининг қонуний қатъият рамзи сифатида намоён қилмоқчи. Унинг айтишича, бу жой муҳожирларга қонуний тартибни бузиш оқибатлари жиддий эканини кўрсатиш учун махсус танланган.
Марказ табиий офатлардан сўнг вақтинча турар жой сифатида қўлланиладиган вагонлардан ташкил топган. Маҳаллий ОАВда у «Alligator Alcatraz» (Тимсоҳли Алкатрас) деб номланмоқда. Бу лақаб ҳуқуқ фаолларини ташвишга солган бўлса-да, Трампнинг қатъий миграция сиёсати тарафдорлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
«Бу яхши иш эмас», деди Трамп Оқ уйни тарк этишидан олдин. У ҳазил билан қўшимча қилди: «Қамоқдан қочсанг, тимсоҳдан қандай қочишни ўрганишингга тўғри келади. Тўғри югурма, шундай югур», дея қўлини зигзаг тарзида силкитди. «Шунда омадинг 1% ошади».
Муҳожирлар маркази Майамидан тахминан 80 км узоқликда жойлашган бўлиб, 5 000 нафар кишини қабул қилиш имкониятига эга. Унинг қурилиши атроф-муҳитга ва муқаддас ерларга зарар етказиши мумкинлиги танқидларга сабаб бўлган.
Шу билан бирга, Трамп маъмурияти учун марказнинг ботқоқ, ҳашаротлар, питонлар ва тимсоҳларга тўла ҳудудда жойлашгани энг асосий афзаллик ҳисобланмоқда. Оқ уй бу орқали «Миграция қонунларини бузиш оқибатлари оғир бўлади» деган қатъий сигнални юбормоқчи.