Қирғизистон Ўзбекистон томонидан берилган ер участкаларини расмийлаштиришни якунлади

02.07.2025 08:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон томонидан берилган 298 гектарга яқин ер майдонларини расман давлат мулки сифатида қабул қилди. Бу қарор икки мамлакат ўртасида 2022 йилда имзоланган чегара келишуви асосида амалга оширилди.

Kyrgyzstan1

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Ўш вилоятидаги қирғиз-ўзбек давлат чегарасида Ўзбекистон томонидан Қирғизистонга берилган иккита ер майдонини давлат мулкига олиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда 24.kg хабар бермоқда.

Биринчи майдон 100 гектар бўлиб, Қорасув туманида 312/4 ва 312/6-сонли чегара пунктлари оралиғида, иккинчи майдон эса 198,44 гектар бўлиб, Аравон туманидаги 324 ва 328-сонли пунктлар орасида жойлашган.

Ушбу қарорлар 2022 йил 3 ноябрда Бишкекда имзоланган «Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни амалга ошириш доирасида қабул қилинган.