Эрдўған: «Пайғамбарларни ҳақорат қилганлар жавобгарликка тортилади»

08:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) ва бошқа пайғамбарларга нисбатан ҳақоратли хатти-ҳаракатлар қонуний жавобгарликка сабаб бўлишини маълум қилди. У буни миллатнинг муқаддас қадриятларини ҳимоя қилиш йўлидаги қатъий позицияси деб таъкидлади.

Recep terdogan

Туркия раҳбари бу баёнотини «X» ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди. Унинг таъкидлашича, 26 июн куни сатира кўринишида чиқарилган «Leman» журнали сонида пайғамбар Муҳаммад ва Мусо алайҳиссаломлар сурати туширилган карикатура чоп этилгани мутлақо йўл қўйиб бўлмас ҳолатдир. Унда пайғамбарлар харобазорга айланган шаҳар устида қўл бериб кўришган ҳолда тасвирланган ва бу Исроил-Эрон можароси фон йўналишида тақдим этилган.

Эрдўған бундай ҳаракатларни «сатира ниқоби остида амалга оширилган ёвуз ва жирканч бузғунчилик», деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Туркия хавфсизлик ва суд органлари мазкур нафрат асосидаги жиноят бўйича дарҳол чора кўрган: журнал мусодара қилинган, тегишли тергов ишлари бошланган.

Президент ўз сўзларида бу каби амалларни содир этувчи «миллий қадриятлар ва одоб-аҳлоқдан маҳрум кимсаларнинг хатти-ҳаракати мутлақо қабул қилинмаслиги»ни алоҳида қайд этди. У ёшлардан бундай вазиятда ғазаб туфайли ақлни йўқотмасликларини сўради ва мамлакатда Адолат ва тараққиёт партияси ҳокимиятда экан, муқаддас қадриятларни ҳақорат қилганлар жазосиз қолмаслигини билдирди.

Карикатура чоп этилиши мамлакат жамиятида катта норозилик келтириб чиқарди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Истанбулдаги «Leman» журнали офиси олдида норозилик намойишчилари тўпланиб, айримлари бинога кириб боришга уринишгани кўринган. Исломда пайғамбарларнинг тасвирини чизиш тақиқланган бўлиб, бу Муҳаммад пайғамбарга ҳам ва бир вақтнинг ўзида яҳудийлик ва насронийликда ҳам улуғланадиган Мусо пайғамбарга ҳам тааллуқлидир.