Қурилиш ойнаси чиқиндиси учун утилизация йиғими жорий этилади

02.07.2025 11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда қурилиш материаллари соҳасида чиқиндиларни қайта ишлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. Лойиҳа орқали ойна чиқиндиси учун утилизация йиғими жорий этилади.

Oyna

Ўзбекистонда қурилиш материаллари соҳасини техник жиҳатдан тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан кўриб чиқилди. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълум қилди.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади чиқиндиларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлашдан иборат.

Қурилиш ойнасидан фойдаланиш натижасида юзага келадиган чиқиндиларни қайта ишлаш ва улар билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун утилизация йиғими жорий этилиши белгиланмоқда. Бу тизим орқали чиқиндиларни самарали бошқариш ва экологик хавфсизликни таъминлаш режалаштирилган.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида қурилиш ойнаси сифати ва унинг экологик талабларга мувофиқлигини ошириш кўзда тутилган. Лойиҳа маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва ички бозорда рақобатбардош маҳсулотлар етишишини таъминлайди.

Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу чоралар маҳаллий қурилиш ойнаси экспорт салоҳиятини ҳам кенгайтириш имконини беради. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди ва кейинги муҳокамаларда яна такомиллаштирилиши кутилмоқда.