Ўзбекистон ва ОИИБ Хоразм ҳамда Қорақалпоғистонда йўллар реконструкциясига келишди

02.07.2025 11:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Лойиҳа қишлоқларда иқлимга чидамли ва инклюзив йўл инфратузилмасини яратишга қаратилган.

Ooii banki

Ўзбекистон ҳукумати ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Хоразм ва Қорақалпоғистондаги қишлоқ йўлларини реконструкция қилиш бўйича 71,1 миллион доллар миқдорида кредит ажратиш юзасидан келишувга эришди. Бу келишув 173,4 миллион долларлик икки босқичли молиялаштириш режасининг биринчи траншини ташкил этади.

Мазкур лойиҳа ОИИБ президенти тасдиғига ҳавола қилинган бўлиб, асосий мақсад бозорлар ва ижтимоий хизматларга чиқишни енгиллаштирадиган, иқлимга чидамли ва барча учун фойдаланиш мумкин бўлган транспорт алоқаларини шакллантиришдир.

Биринчи босқич Хоразм вилоятидаги устувор қишлоқ йўлларини модернизация қилишни кўзда тутади. Кейинги босқичда эса Қорақалпоғистон Республикасидаги йўллар ривожлантирилади.

Банк баёнотида таъкидланишича, молиялаштиришнинг босқичма-босқич ташкил этилиши Ўзбекистонга бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, миллий инфратузилма стратегиясига мувофиқ ҳаракат қилиш ва лойиҳанинг изчиллигини таъминлаш имконини беради.

Бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг минтақавий инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва қишлоқ жойлардаги аҳолининг ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.