Президент: Ўзбекистонда «Рақамли ҳукумат» босқичига ўтиш вақти келди

02.07.2025 12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳасидаги ютуқлар билан танишар экан, мамлакат энди «Рақамли ҳукумат» босқичига ўтиши зарурлигини таъкидлади. Бу жараён аҳоли кўп фойдаланадиган соҳалардан бошланиши лозим.

Mirziyoyev

Ўзбекистон Президенти рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар тақдимоти билан танишди. Президент сўзларига кўра, мамлакатда ушбу соҳалар учун яратилган имкониятлар катта натижаларга олиб келмоқда.

Айни пайтда IT-парк резидентлари сони 2 минг 800 тадан ошди, хорижий компаниялар эса 752 тага етди. Бу орқали 40 минг нафар ёшлар юқори даромад топаётгани қайд этилди. Охирги 5 йилда соҳа экспорти 170 миллион доллардан 1 миллиард долларга яқинлашган. Шу билан бирга, интернет тезлиги 7 баробар, мобиль интернет тезлиги эса 4,5 баробар ошди.

Президент таъкидлаганидек, Ўзбекистон «Глобал стартаплар индекси» рейтингида 12 поғона юқорилаб, «ТОП-100»ликка кирди. Шунингдек, «Сунъий интеллектга тайёрлик» индексида 17 поғона юқорилаб, Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади. Телекоммуникация соҳасида эса МДҲ мамлакатлари орасида етакчи ўринни эгаллаган.

Давлат раҳбари мамлакат «Рақамли ҳукумат» босқичига ўтиши зарурлигини билдириб, бу жараённи таълим, тиббиёт, қурилиш ва коммунал соҳаларда жорий этишни таклиф қилди. Ушбу йўналишларда қатор янги лойиҳалар ва ташаббуслар муҳокама қилинди.