Икки хитойлик АҚШ ҳарбийлари орасида жосус ёллашда айбланмоқда

02.07.2025 13:00 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ Адлия вазирлиги икки хитой фуқаросини мамлакат ҳарбийлари орасида жосус ёллаш ва ҳарбий маълумотларни қўлга киритишга уринишда айблади. ФБР уларни Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги учун ишлаганликда гумон қилмоқда.

Xiyotlik josuslar

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, хитойлик Юансе Чен (38 ёш) ва Лирен «Райан» Лай (39 ёш) Хитойнинг Давлат хавфсизлик вазирлиги (МSS) номидан Америка ҳарбийларидан жосуслик маълумотларини йиғиш ва улар орасида янги агентлар ёллашга уринган.

ФБР баёнотида таъкидланишича, Лай МSS тармоғи орқали Хитой ва АҚШ ўртасида осон ҳаракатлана оладиган шахс бўлган. У 2021 йилдан бошлаб Ченни ўз тармоғига жалб қилишга ҳаракат қилган. Чен АҚШда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлиб, Америка ҳарбийлари орасида танишлари борлиги аниқланган.

Тергов маълумотларига кўра, Лай Ченни хорижга сафар уюштириб, у ерда ўз алоқалари ҳақида шахсан гаплашишга ундаган. 2022 йилда улар Калифорнияда 10 минг доллар нақд пулни бошқа шахсларга жосуслик маълумотлари учун тўлов сифатида топширган.

Чен кейинчалик АҚШ денгиз кучлари ҳақида маълумот тўплаб, Лайга етказган. У нафақат ҳарбий базалар тўғрисида маълумот берган, балки шахсан ҳарбий хизматчилар билан учрашган. Сан-Диегодаги учрашувда Чен ҳарбий билан бирга АҚШнинг «USS Abraham Lincoln» самолёт ташувчи кемасини кўздан кечирган.

ФБР бундай ҳаракатларни Хитойнинг ҳарбий кучларини узоқ масофада ҳам кучайтириш уринишларининг бир қисми сифатида баҳолади. Тергов ҳужжатларида Хитой ҳукумати АҚШ денгиз кучлари ҳақида яширин маълумот тўплаш орқали Жанубий Хитой денгизи минтақасида устунликка эришишга интиляётгани қайд этилган.

Икки гумонланувчи хорижий агентлар рўйхатидан ўтмасдан иш олиб борганликда айбланмоқда. Бу АҚШда хорижий давлатлар манфаатида ишлаётган шахслар мажбурий рўйхатдан ўтиши лозим бўлган қонунбузарлик ҳисобланади.

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, мамлакатда Хитой жосуслик фаолиятига қарши кураш кенг кўламда давом эттирилади. Пекин эса бундай айбловларни рад этиб, АҚШни ножоиз сиёсат юритишда айблаб келади.