Рақобат қўмитаси яна бир МЧЖни рекламадаги қонунбузарлик учун жаримага тортди

02.07.2025 13:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Рақобат қўмитаси томонидан «Roodell» МЧЖ «Kia Sonet» автомобили рекламасида қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйгани учун молиявий жарима қўллади. Компания рекламада муҳим шартларни аниқ баён этмаган.

Adm jizzax

Рақобат қўмитаси олиб борган мониторинг натижасида «Roodell» МЧЖнинг реклама фаолиятида қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Компания «Kia Sonet» автомобилини муддатли тўлов орқали 0 фоизда таклиф қилган реклама эълон қилган, аммо ушбу рекламада шартноманинг муҳим шартлари, жумладан, бўлиб тўлаш жараёнидаги қўшимча тўловлар ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Қўмита маълумотларига кўра, бундай реклама «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддаси талабларига зид бўлиб, истеъмолчиларни чалғитувчи тасаввур шаклланишига олиб келган. Бу эса фуқароларнинг нотўғри қарор қабул қилиш эҳтимолини кучайтирган.

Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси мазкур ҳолат бўйича иш қўзғатди. Иш натижаларига кўра, «Roodell» МЧЖга нисбатан молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди. Шунингдек, компанияга қонунбузарликни бартараф этиш ва бундан буён бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.

Маълумот учун, «Roodell» компанияси Ўзбекистонда «Kia», «Chery», «Haval» ва «Hyundai Truck & Bus» автомобилларини йиғиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ADM Jizzakh заводига эгалик қилади.

Рақобат қўмитаси барча хўжалик юритувчи субъектларни амалдаги қонунларга қатъий риоя қилиш, айниқса реклама фаолиятида аниқ, тўғри ва холис маълумотлар тақдим этишга чақирди.