Аномал иссиқ инсон танаси учун қанчалик хавфли?

14:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Калифорния университети олимлари экстремал иссиқлик инсон организмига қандай таъсир кўрсатишини аниқлади.

Issiq

Калифорния университети олимлари олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, экстремал иссиқлик инсон иммун тизими ва ичак соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳолат айниқса ёши катта инсонларда яққол кузатилади.

Тадқиқот давомида олимлар турли ёшдаги каламушлар устида тажриба ўтказган. Экспериментларда юқори ҳароратга дучор қилинган каламушларда, айниқса, ёши катталарда ичак тўсиғининг шикастланиши, иммун тизимининг издан чиқиши ва антибиотикларга чидамли бактериялар ўсиши аниқланган.

Тадқиқотчилар илк бор иссиқлик стрессининг ичак соғлиғига тўғридан-тўғри таъсирини аниқладилар. Бундай ҳолат хатарли инфекцияларнинг юзага келиш эҳтимолини оширади. Шу билан бирга, каламушларда пробиотик Roseburia интестиналис ёрдамида иммунитетни тиклаш ва инфекция симптомларини камайтириш мумкинлиги исботланди.

Олимлар глобал исиш ва кучайиб бораётган иссиқлик тўлқинлари шароитида ичак соғлиғини мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлашди. Айниқса, ёши катта инсонлар бундай хавфли таъсирлардан кўпроқ жабр кўришлари мумкин.

Шундай ҳолларда энг аввало, болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар ва сурункали касалликлардан азият чекаётган беморлар ўз соғлигига янада эътиборли бўлишлари зарур. Соат 10:00 дан 17:00 га қадар соя-салқин жойларда бўлиш тавсия этилади. Ташқарига чиқиш лозим бўлса, табиий, ёрқин рангдаги, пахта матосидан бўлган либослар ва энгил бош кийим кийиш ҳамда қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш мақсадга мувофиқ.

Иссиқ ҳавода кунига 3 литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик ичиш лозим. Бироқ паст ҳароратдаги салқин ичимликларни ичишдан тийилиш керак. Газланган, энергетик ва алкоголь ичимликлар, қаҳва истеъмол қилмаслик зарур. Ёғли, дудланган таомларни тановул қилмаслик, аксинча, кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Кун давомида илиқ душ қабул қилиш, вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш ҳам танани ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлайди.

Аввалги тадқиқотларда ҳам иссиқлик одамларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши ва психик хасталиклар сабабли госпитализациялар сони ортиши аниқланган эди. Янги тадқиқот бу жараён глобал исиш билан янада кучайиши мумкинлигини кўрсатмоқда.