НКМК ва «Навоийуран» давлат корхонасига жамоатчилик сўрови киритилди

15:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Жамоатчилик назорати фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми сифатида давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликка хизмат қилмоқда. Бу орқали ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий масалалар кун тартибига чиқарилиб, ҳал этиб борилади.

Navoiyuran

Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунида жамоатчилик назоратининг турли шакллари белгиланган. Улар қаторида давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, жамоатчилик муҳокамаси, эшитувлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш кабилар мавжуд. Жамоатчилик назорати давлат ташкилотлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Шу жиҳатдан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан йирик корхоналарда жамоатчилик сўровлари ўтказилмоқда.

Хусусан, «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ва «Навоийуран» давлат корхонасида ишлаб чиқариш, экологик ва санитария-гигиеник талабларга риоя этилиши, кўрсатилаётган хизматлар сифати, атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда хавфсизлик чоралари юзасидан истеъмолчилар фикри ўрганилди. Сўров натижалари келгусида жамоатчилик эшитувини ташкил этишга асос бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларнинг фаол позицияси шаклланиб, жамиятдаги ҳар бир жараёнга муносабат билдириш истаги ортиб бормоқда. Шу сабаб корхона ва ташкилотлар ўз фаолиятларини жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этиши зарур. Бу нафақат жамоатчилик ишончини мустаҳкамлайди, балки корхоналарнинг барқарор ривожланишига ҳам хизмат қилади.

Маълумот учун, «Навоий кон-металлургия комбинати» жаҳоннинг олтин ишлаб чиқариш бўйича етакчи тўрт компанияси қаторига киради ва Марказий Осиёдаги энг йирик олтин қазиб олувчи корхона ҳисобланади.