АҚШ маъмурияти Россиянинг Украинага ҳужумлари фонида Киевга қурол етказиб беришни вақтинча тўхтатди. Бу қарор мамлакат мудофаа тизимлари захираларини қайта баҳолаш натижасида қабул қилинган. Пентагон маълумотларига кўра, мавжуд захиралар Украинага зудлик билан ёрдам бериш учун етарли эмас.
Маълум қилинишича, ушлаб турилаётган қуроллар қаторига «Patriot» ҳаво ҳимоя тизими ракеталари, аниқ артиллерия снарядлари ва Hellfire ракеталари киради. Бу қуроллар аввал Украинага ваъда қилинган эди.
Оқ уй матбуот котиби Анна Келлининг таъкидлашича, қарор мамлакат манфаатларини биринчи ўринга қўйиш тамойили асосида қабул қилинди. Байден президентлик даврида унинг маъмурияти НАТО иттифоқчиларини ҳам Украинага ҳаво мудофааси учун қурол беришга ундаган, бироқ айрим давлатлар Россия таҳдиди сабабли бундай қадамга боришни истамаган.
АҚШ 2022 йилдан буён Украинага 66 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатган. Аммо Доналд Трамп ҳукуматга қайтиши мамлакатнинг глобал ҳарбий устуворликларига нисбатан ёндашув ўзгаришига олиб келган.
Айни пайтда, Россия Украинага қарши ҳаводан ҳужумларни кучайтирмоқда. Киев ва Москва ўртасидаги музокаралар тўхтаб қолган, отишмаларни тўхтатиш бўйича келишувга умидлар сўнган.
АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийларига кўра, маъмурият Украинага ёрдамни давом эттириш йўлларини кўриб чиқмоқда. Бироқ бу жараёнда АҚШ армиясининг ўз мудофаа қобилиятини сақлаш устувор бўлиб қолмоқда.