Эрон Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳамкорликни батамом тўхтатди

18:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён 2 июл куни АЭХА билан ҳамкорликни тўхтатиш тўғрисида фармон имзолади. Бу қарор Исроил билан бўлиб ўтган 12 кунлик урушдан кейин қабул қилинган.

АЭХА

Эрон Президенти Масъуд Пизишкиён бугун, 2 июл куни Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА ) билан ҳамкорликни тўхтатиш тўғрисида расмий фармон чиқарди. Бу ҳақда «Tasnim» ахборот агентлиги хабар берди.

Мазкур қарор 25 июнь куни мамлакат парламенти томонидан маъқулланган эди. Бу воқеа Исроил билан 12 кун давом этган урушдан бир кун кейин юз берди. Исроил ушбу можарони Эроннинг ядровий қурол яратишга яқинлашгани билан боғлади.

Эрон парламент раиси ўринбосари Ҳамид Ризо Ҳожий Бобоийнинг сўзларига кўра, Эрон энди АЭХА раҳбари Рафаэл Гроссини ядровий объектларига киритмасликка қарор қилган ва бу иншоотларга кузатув камералари ўрнатишни ҳам рад этган.

АЭХА раҳбари Гросси уруш пайтида Эрон ядровий объектларига зарар етганини тасдиқлаган, аммо Теҳрон ушбу иншоотларда уранни бойитиш фаолияти қисқа муддатда тикланишини маълум қилган.

Маълумот ўрнида, Эрон 1970 йилда Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани ратификация қилган ва 1974 йилда АЭХА билан кенг қамровли кафолат битимини имзолаганди. Бироқ кейинги йилларда ядровий дастур бўйича бир неча бор халқаро келишувлар бузилган.

2015 йилда эришилган Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси ҳам 2018 йилда АҚШ томонидан бекор қилинган. Бундан сўнг Эрон ядровий фаолиятини қайта тиклаган. Охирги йилларда Эрон АЭХА билан айрим келишувларга амал қилишни тўхтатган ва уранни қурол яратиш даражасига яқин бойитишни давом эттирган.

Яқиндаги 12 кунлик урушдан аввал АҚШ ва Эрон ўртасида ядро келишувини тиклаш бўйича музокаралар олиб борилган, аммо улар самарасиз якунланган.