Apple арзон MacBook чиқармоқчи

18:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Apple iPhone 16 Pro процессорига асосланган арзон MacBook ва 2027 йилда чиқарилиши режалаштирилаётган ақлли кўзойнаклари билан маҳсулотларини диверсификация қилмоқда. Бу лойиҳалар Everwin Precision учун катта имконият яратиши мумкин.

Macbook

Apple жорий йилнинг қиш ойларидан арзон MacBook моделини оммавий ишлаб чиқаришни бошлайди. Инсайдер Мин-Чи Куо хабарига кўра, янги ноутбук iPhone 16 Pro’даги A18 Pro процессори билан жиҳозланади. 2026 йилда бу ноутбукдан 5-7 миллион дона сотилиши кутилмоқда.

Янги MacBook тахминан 13 дюймли экранга эга бўлади ва тўрт хил рангда — кумуш, кўк, пинк ва сариқ тарзда тақдим этилади. Apple бу орқали 2026 йилда умумий MacBook етказиб бериш ҳажмини пандемия давридаги 25 миллион дона даражасига қайтаришни мақсад қилмоқда.

MacBook Pro корпусларини етказиб берувчи Everwin Precision компанияси арзон MacBook учун ҳам асосий етказиб берувчи бўлади. Компания 2026 йилдан MacBook Air корпусларини етказиб беришни ҳам бошлаши кутилмоқда. Яна шу йили Everwin Precision’нинг даромади 15-20 фоизга, фойдаси эса 30-40 фоизга ўсиши мумкин.

Бундан ташқари, Apple 2027 йилда янги ақлли кўзойнакларни тақдим этиши кутилмоқда. Ушбу қурилмада дисплей бўлмайди, асосий функциялар сифатида аудио тинглаш, камера, видео ёзиш ва сунъий интеллект орқали атроф-муҳитни ҳис қилиш имкониятлари мавжуд бўлади. Кўзойнак рамкалари турли материаллардан ишлаб чиқарилиб, 3D босма технологияси орқали тайёрланиши мумкин. 2027 йилда бу кўзойнакларнинг 3-5 миллион дона сотилиши прогноз қилинмоқда.

Everwin Precision Apple’нинг бу маҳсулотлари учун корпус ва рамкаларни ишлаб чиқариш бўйича асосий ҳамкор сифатида белгиланган. Яқин йилларда компаниянинг фаолияти янги буюртмалар ҳисобига сезиларли ўсиши кутилмоқда.