Мирзиёев ва Алиев стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлади — миллиард долларлик дастур имзоланди

21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Боку шаҳридаги олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари қатор стратегик битимлар ва «йўл хариталари»ни имзолаб, икки давлат муносабатларини янги босқичга кўтаришга келишиб олди.

Uzb az

Боку шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши қарорини қабул қилган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, давлат раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилган. Шу жумладан:

— Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани 2025-2029 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»;

— Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;

— Фан, касб-ҳунар ва олий таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;

— 2025-2026 йилларга мўлжалланган саноат кооперацияси дастури;

— 2030 йилга қадар товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш дастури;

— 2025-2027 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси;

— 2025-2027 йилларда ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси;

— Кемачилик ва кемасозлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

— Тошкент вилояти ва Сумгаит шаҳри, Навоий ва Габала шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги келишувлар.