Ўзбекистон Марказий банки банклар орқали тақдим этилаётган кредит турлари бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилишни бошлади. Ушбу маълумотлар орқали фуқаролар ўз эҳтиёжларига мос банк маҳсулотларини солиштириб, оқилона танлов қилиш имконига эга бўлади.
Бугунги кунда энг оммабоп бўлган микроқарзлар банкларда ўртача 21,4 фоиздан 40 фоизгача фоиз ставкасида берилаяпти. Бу фарқ қарзнинг гаров билан ёки гаровсиз тақдим этилиши, қайтариш муддати ва ажратиш шартларига боғлиқ. Масалан, гаровсиз қарзлар, одатда, юқорироқ фоизда берилади.
Автокредитлар эса ўртача 21,1 фоиздан 29 фоизгача бўлган ставкада тақдим этилмоқда. Бу кредит турида ҳам фоиз ставкаларига дастлабки бадал миқдори, кредит муддати, суғурта шартлари ва турли комиссиялар таъсир кўрсатади. Иккиламчи бозор орқали олинадиган автокредитлар талаблари ҳам ставкага таъсир қилади.
Марказий банк маълумот беришича, фоиз ставкалари бўйича очиқ ва шаффоф ахборотлар мижозларга тўғри танлов қилиш имконини беради. Вақт ўтиши билан банклар ўртасидаги ставка фарқлари қисқаради ва бозорда янада шаффоф муҳит шаклланади.