Ўзбекистон стартап-экосистемаси Марказий Осиёда энг тез ривожланмоқда

09:45 | 4 дақиқада ўқилади.

Startup Genome ҳисоботига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилларда стартап-экосистемани шакллантириш ва жаҳон технологик сармоядорлари эътиборини жалб қилиш бўйича Марказий Осиёда энг тез ривожланаётган давлатга айланди.

Reyting

Startup Genome томонидан эълон қилинган сўнгги ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон қисқа вақт ичида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва стартап-экосистемани яратишда жадал суръатларни намоён этмоқда. Мамлакат 2020 йилдаги кичик сармоялардан 2024 йилда ўзининг илк «миллиардлик стартап» компаниясини ташкил этгунга қадар катта натижаларга эришди.

Ҳисоботга кўра, бу жараёнда давлат ва хусусий сектор ўртасида самарали ҳамкорлик, ислоҳотлар ва глобал инновацион марказлар билан боғланиш муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, IT Park Uzbekistan стартапларни талабалар ғоясидан халқаро лойиҳаларгача қўллаб-қувватлаётган миллий технологик марказ сифатида катта роль ўйнамоқда.

Ўзбекистонда стартапларга киритилган инвестициялар 2020 йилдаги 0,3 млн доллардан 2024 йилда 69,5 млн долларгача ўсди. Бу тараққиётнинг энг йирик намунаси Uzum финтех-компанияси бўлиб, у Series A раундида 52 млн доллар жалб қилиб, 1,16 млрд доллар баҳоланган «миллиардлик стартап»га айланди.

Мамлакатда фаолият юритаётган венчур фондлар сони 2025 йилда 12 тадан ошди ва уларнинг умумий активлари 136 млн доллардан зиёдни ташкил этмоқда. Бу фондлар финтех, таълим технологиялари, сунъий интеллект ва электрон савдо соҳаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

IT Park ўзининг Softlanding Program ва Local2Global лойиҳалари орқали халқаро компанияларга бозорга чиқишда тўлиқ қўллаб-қувватлаш, юридик ёрдам ва сармоя жалб қилиш имкониятларини яратади. Шунингдек, IT Visa дастури орқали чет эл мутахассислари ва инвесторларга уч йиллик мултивиза, кўчмас мулк харид қилиш ва оила билан яшаш ҳуқуқлари берилади.

Zero Risk дастури орқали халқаро компанияларга 12 ой давомида бепул офис, техник жиҳозлар ва иш ҳақи компенсацияси таклиф қилинмоқда. Digital Startup дастури доирасида эса стартапларга 1+1 молиялаш механизми, халқаро тадбирларда қатнашиш учун субсидия ва кафолатсиз кредитлар ажратилади.

2024 йил давомида мамлакат бўйлаб 50 дан ортиқ стартап-ташаббуслар, хакатонлар ва инкубация дастурлари ўтказилди. Президент Tech Award миллий мукофоти эса 1 млн долларлик фонди орқали ёшлар ва рақобатбардош стартапларни рағбатлантирмоқда.