Германиянинг Bild нашри хабар беришича, АҚШ ёрдамисиз Украина Россияга қарши урушни фақат ёз охиригача давом эттира олади. Бу ҳақда нашр ҳарбий эксперт Карло Масалага таяниб маълум қилди.
Экспертнинг таъкидлашича, Украинадаги ўқ-дори захиралари қисқараётгани мамлакат учун жиддий муаммога айланмоқда. Агар АҚШдан ёрдам тўхтаса ва Европа бу танқисликни бартараф этмаса, Украина кучли ўқ-дори етишмовчилигига дуч келади. Бу эса фронтдаги вазиятни тезда мураккаблаштиради.
Украинага Patriot тизими учун ракеталар ва GMLRS ракеталарининг етказиб берилиши жуда муҳим. Ушбу ракеталарсиз HIMARS реактив тизимлари фаолият юритиши самарасиз бўлиб қолади.
1 июл куни Politico нашри АҚШ ўз захираларида танқислик бошлангани сабабли Украинага зенит ракеталари, юқори аниқликдаги ўқ-дорилар ва артиллерия снарядлари етказиб беришни тўхтатганини ёзди.
Washington Post газетасининг қайд этишича, АҚШ қарорлари Украина расмийлари учун кутилмаган ҳолат бўлди. Улар бундай вазиятни олдиндан тахмин қилмаган эди.