Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасининг янги биносини очиш маросимида қатнашди. Президентлар рамзий тасмани кесиб, янги дипломатик ваколатхона фаолиятига расман старт беришди.
Тадбир доирасида давлат раҳбарлари янги бино шароити ва унинг жиҳозланиши билан танишиб, бу ерда дипломатлар учун яратилган имкониятларни юқори баҳоладилар. Улар икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашда элчихонанинг роли муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Элчихона заллари Ўзбекистон ҳудудлари номи билан аталиши қайд этилди. Президент Шавкат Мирзиёев Қорабоғ номи берилган зални халқлар ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида кўришни таклиф қилди.
Маросим якунида Президентлар элчихонанинг Фахрий меҳмонлар китобида эзгу тилакларини ёзиб қолдирдилар. Бу воқеа икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев билан бирга «Sea Breeze» дам олиш мажмуаси фаолияти билан танишди. Каспий денгизининг ғарбий соҳилида жойлашган ушбу йирик халқаро курорт тақдим этилди.
Мажмуа қарийб 500 гектар майдонни эгаллаб, замонавий дам олиш ва спорт инфратузилмасига эга. Бу ерда 6,5 километрлик пляж, 150 гектар яшил ҳудудлар ва 700 мингга яқин дарахтлар борлиги маълум қилинди. Президентлар мажмуа имкониятларини юқори баҳоладилар.