Бугун Ўзбекистонда йилнинг энг иссиқ куни бўлиши кутилмоқда

11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзгидромет маълумотига кўра, бугун Ўзбекистон бўйлаб ҳарорат +46 даражагача кўтарилиши мумкин. Шамол кучайиши ва чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда. Мутасаддилар бу хавфли метеорологик ҳолат қишлоқ хўжалигига жиддий таъсир қилишини таъкидламоқда.

Issiq ob havo

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати хабар беришича, бугун мамлакат бўйлаб ёмғир ёғиши кутилмайди. Шамол тезлиги сониясига 7–12 м атрофида бўлади, баъзи жойларда 13–18 м/с гача, шимолий ҳудудларда эса 20–25 м/с гача кучайиши мумкин. Айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши тахмин қилинмоқда.

Ҳарорат +38…+43 даражани ташкил этади. Шимол, жануб ва чўл ҳудудларида айрим жойларда ҳарорат +44…+46 даражагача кўтарилиши эҳтимоли бор. Пойтахт Тошкентда шамол 3–8 м/с тезликда бўлади ва ҳарорат 39–41 даража атрофида кузатилади.

Тоғли ҳудудларда нисбатан салқинроқ бўлиб, бу ерларда ҳарорат +30…+35 даража бўлиши кутилмоқда.

Аввалроқ, «Метеожурнал» 3–4 июл кунлари Туркманистоннинг Лебап вилоятида ҳарорат +48 даражагача кўтарилиши ва ҳавода нисбий намлик 5 фоизгача пасайиши ортидан экстремал ҳаво қурғоқчилиги кузатилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов бугунги кунни йилнинг энг иссиқ куни сифатида баҳолади. Унга кўра, бундай иссиқ об-ҳаво қишлоқ хўжалиги учун катта хавф туғдиради. Унинг таъкидлашича, бу шароитда ниҳоллар ва ҳосиллар қовжираб кетиши мумкин.