CLICK ва Paynet 2024 йилда рекорд фойда қайд этди

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистондаги йирик тўлов тизимлари CLICK ва Paynet 2024 йилда катта молиявий натижаларга эришди. Ҳар икки компания соф фойдада кескин ўсиш қайд этди ва банк секторининг кўп қисми фойдасидан юқори кўрсаткич намоён қилди.

Dollar kursi

CLICK тўлов тизими 2024 йил якунлари бўйича 295,1 млрд сўмлик соф фойда қайд этди. Бу 2023 йилга нисбатан 43,8 фоизга кўпдир. Мазкур фойда кўрсаткичи мамлакатдаги банкларнинг тахминан 70 фоизининг йиллик соф фойдасидан юқори ҳисобланади.

Шунингдек, CLICK’нинг умумий тушуми 2024 йилда 516,4 млрд сўмга етган. Бу кўрсаткич 42,8 фоизга ўсганини кўрсатади. Компаниянинг жами капитал ва мажбуриятлари 433,5 млрд сўм бўлиб, бир йил ичида 65,7 фоизга ошган. Компания шу йил давомида 837,1 миллион сўм миқдорида даромад солиғи тўлагани ҳам маълум қилинди.

Paynet АЖ ҳам 2024 йилда катта фойда қайд этди. Унга кўра, компания 281,5 млрд сўм соф фойда олган. Бу 2023 йилдаги натижага нисбатан 153,5 млрд сўмга ёки 119,9 фоизга кўпдир.

Paynet’нинг йиллик соф тушуми 1 трлн 135 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, бу 53 фоизлик ўсишни англатади. Компания активлари бир йил давомида 552,9 млрд сўмга ортиб, 842,3 млрд сўмга етган. Мажбуриятлар ҳажми эса 529,6 млрд сўмни ташкил этган.

Икки тўлов тизимининг бундай молиявий кўрсаткичлари Ўзбекистонда рақамли тўловлар бозори жадал ривожланаётганини кўрсатмоқда.