Нодавлат олийгоҳлар учун янги лицензия шартлари жорий этилди

12:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш тартибида қўшимча талаблар белгиланди. Вазирлар Маҳкамасининг 403-сонли қарорига мувофиқ, бу чоралар таълим сифатини оширишга қаратилган.

Talabalar

Энди лицензия олиш учун ариза берувчи ташкилот таълим концепциясини тақдим этиши керак. Шунингдек, устав капитали камида 2 млн доллар эквивалентида шакллантирилиши лозим. Бу сумма моддий-техник база ва таълим жараёнини таъминлашга йўналтирилади. Талабалар сони кўпайган сари устав фонди ҳам оширилиши шарт.

Қарорга мувофиқ, 350 минг доллар миқдоридаги маблағлар тижорат банки депозитларида захира сифатида сақланиши талаб этилади. Бундан ташқари, таълим олиш учун мўлжалланган биноларнинг майдони 5 минг квадрат метрдан кам бўлмаслиги керак. Ушбу бинолар мулк сифатида эмас, ижара шартномаси орқали фойдаланилиши мумкин.

Муассаса ташкил этилганидан сўнг, биринчи 5 йил давомида унинг соф фойдасининг камида 80 фоизи, кейинги йилларда эса 50 фоизи таълим фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилиши шарт.

Қарор расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради. Шу вақтгача лицензия олганлар эса 2026 йил 1 январгача ўз фаолиятини янгиланган талабларга мослаштириши керак бўлади.