Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида инвестициявий ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Боку шаҳрида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Озарбайжоннинг NEQSOL Holding компанияси ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишув имзоланди.
Келишув доирасида икки томон биргаликда қатор йўналишларда инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олди. Ушбу йўналишлар қаторида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, геология ва кончилик, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, энергетика, “яшил” энергия, кимё саноати, рақамли технологиялар ва инновацион стартаплар бор.
Томонлар ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, лойиҳаларни биргаликда тайёрлаш ҳамда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароит яратиш масалалари бўйича ҳам келишувга эришдилар.
NEQSOL Holding — 10 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритувчи, саноат, рақамлаштириш ва шаҳар инфратузилмаси соҳаларида ихтисослашган халқаро хўжалик тузилмаси ҳисобланади.
Мазкур ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳалар учун йўл очиши кутилмоқда.