АҚШ Конгрессининг икки аъзоси — демократ Жош Готҳаймер ва республикачи Майк Лоулер Исроилга «бункерга қарши» бомбалар ва B-2 туридаги кўринмас бомбардимончиларни етказиб беришни таклиф қилди. Ушбу ташаббус Эрон ядровий қурол яратиш ҳаракатларига қарши чора сифатида “Исроилга кутилмаган таҳдидларга тайёр туриш имконини бериш” мақсадида қонун лойиҳаси кўринишида тақдим этилди.
Готхаймернинг таъкидлашича, Эрон АҚШ ҳарбийлари ва фуқароларини нишонга олган, шунингдек, Исроилга бир неча бор ҳужум қилган. Унинг фикрича, Исроил ўзини ҳимоя қилишга ва Эроннинг ядровий имкониятларини тиклашининг олдини олишга қодир бўлиши керак. Лоулер эса қонун лойиҳаси президентга Исроил ҳарбийларини ўқитиш ва уларни Эронни тийиб туриш учун зарур воситалар билан таъминлаш ваколатини беради, деб таъкидлади.
13 июндан бошлаб Исроил Эронга бир қатор ҳаво ҳужумлари уюштириб, ядровий объектлар, мудофаа иншоотлари ва юқори мартабали ҳарбийларни нишонга олди. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳужумларда 627 нафар одам ҳалок бўлган, улар орасида тинч аҳоли ҳам бор.
22 июн куни АҚШ ҳам бу ҳужумларга қўшилиб, Фўрду, Натанз ва Исфаҳондаги ядровий объектларга зарбалар берди. Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Ретклиффнинг айтишича, бу операция Эроннинг ядровий дастурига жиддий зарар етказган. Бир неча кундан сўнг президент Доналд Трамп ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганини эълон қилди.
Шунга қарамай, Эрон расмийлари зарбалари оқибатини «минимал» деб баҳолади. Эрон олий раҳбари Али Хоманаий эса мамлакатнинг АҚШ ва Исроилга қарши «ғалаба қозонганини» маълум қилди. 25 июнда Эрон парламенти МАГАТЕ билан ҳамкорликни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди ва 2 июл куни президент Масъуд Пезешкиён бу қарорни имзолади.