Иқтисодчи Миркомил Холбоевинг Жаҳон банки маълумотларига асосланиб ёзишича, 1991 йилда жаҳонда 54 та давлат паст даромадли мамлакатлар қаторига кирар эди. 2025 йилга келиб уларнинг сони 25 тагача камайди. Шу билан бирга, юқори даромадли давлатлар сони 39 тадан 87 тагача кўпайгани қайд этилган.
Ўзбекистон ҳозирда ўрта-паст даромадли мамлакатлар гуруҳига киради. Бу гуруҳга кирувчи давлатлар сони 1991 йилда 64 та бўлган бўлса, 2025 йилга келиб 50 тагача қисқарган.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон ўрта-паст даромадли давлатлар қаторида бўлган. Бироқ иқтисодий пасайиш ва миллий валютанинг курсдаги ноаниқлиги туфайли Ўзбекистон 1998 йилдан 2008 йилгача паст даромадли давлатлар гуруҳига тушиб қолди.
Қўшни давлатлардан Қозоғистон ва Туркманистон шу даврда ўрта-паст даромадли гуруҳдан ўрта-юқори даромадли гуруҳга кўтарилган. Шунингдек, Тожикистон паст даромадли давлатлар гуруҳидан ўрта-паст даромадли гуруҳга чиқишга эришган.
Ўзбекистоннинг ҳам ўрта-юқори даромадли давлатлар гуруҳига ўтиши учун жон бошига даромад 4500 доллардан ошиши лозим. Ҳозирги тенденциялар давом этса, Ўзбекистон бу кўрсаткичга 2028 йилдан кейин етиши мумкин. Бу борада сўнгги уч йилдаги доллардаги ўртача даромад ўсиш суръатлари умид бағишламоқда.