«Qwizzserial» вируси Ўзбекистонликларнинг пулларини ўғирламоқда

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Group-IB киберхавфсизлик компанияси Ўзбекистонда тарқалаётган янги «Qwizzserial» вируси бўйича тадқиқот эълон қилди. Ушбу вирус қисқа вақт ичида юз мингга яқин фойдаланувчига зарар етказган.

Virus

Вирус Telegram орқали «Молиявий ёрдам», «Президентдан совға» каби жозибадор номлар остида apk-файл сифатида тарқатилмоқда. Фойдаланувчи файлни юклаб, телефонга ўрнатгандан сўнг, дастур SMS-хабарларни қабул қилиш ва ўқиш учун рухсат сўрайди. Кейин эса банк картаси маълумотларини киритишни талаб қилади.

Ушбу жараён ижтимоий муҳандислик усули орқали амалга оширилади. Илованинг интерфейси орқали фойдаланувчига «Молиявий ёрдам олиш учун ариза қабул қилинди, тез орада пул етиб келади» каби ишончли хабарлар юборилади. Бироқ аслида эса, фойдаланувчиларнинг пуллари ўғирланади.

Group-IB маълумотига кўра, мазкур схема орқали жуда қисқа вақтда – мартдан июнгача бўлган давр мобайнида камида 62 минг доллар ўғирланган. Бу фақат битта кибергуруҳнинг фаолияти, аслида зарар кўрганлар сони ва молиявий йўқотишлар анча катта бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда аҳоли даромад даражаси паст бўлгани сабабли кўпчилик бу каби ёлғон таклифларга ишонмоқда. Афсуски, киберҳужумлар ва фирибгарлик шундай заиф ижтимоий муҳитдан фойдаланиб, яна кўп одамларни алдашда давом этади.

Мутахассислар SMS орқали тасдиқлаш тизимидан воз кечиб, билдиришномалар, биометрик идентификация ёки махсус илова орқали код яратиш каби хавфсизроқ усулларни жорий этишни таклиф қилмоқда. Бу киберҳимояни кучайтиришда муҳим қадам бўлиши мумкин.

Фирибгарлик схемалари ҳақидаги маълумотлар ва огоҳлантиришлар зарур, аммо мутахассислар бу каби ахборотлар муаммони тўлиқ бартараф этишига ишонмайди. Асосий ечим хавфсизликни мустаҳкамлаш ва аҳолининг кибер саводхонлигини оширишдир.