1 июл куни очилган шоурум «Турк савдо маркази»да жойлашган бўлиб, 1500 квадрат метр майдонни эгаллайди. Тадбирда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги раҳбар ўринбосари Хуррам Тешабаев ҳамда Озарбайжон Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Самед Баширли иштирок этди.
Шоурумда қурилиш материаллари, электр маҳсулотлари, мебель, тўқимачилик ва чарм маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Шу билан бирга, «Ўзпромстройматериаллари» уюшмаси Okuglu Holding компанияси билан 1 млн квадрат метр кафель ва керамогранит экспорт қилиш бўйича шартнома имзолади.
Бундан ташқари, Panamilk ва Jizzax Organic компаниялари Озарбайжоннинг Atena ва Milla Dairy билан сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва ҳамкорлик юзасидан келишувга эришди. Havas Holding ва RJ Chemical Co. ўртасида маиший кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузилди.
«Ўзэлтехсаноат»ва STP Global Cable компаниялари эса юқори кучланишли кабеллар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳа бошлашни режалаштирмоқда.