Microsoft сунъий интеллектга сармоя киритиб, 9 минг ходимни қисқартиришга қарор қилди

16:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Microsoft компанияси 2025 йилда сунъий интеллектга катта сармоя киритиши фонида 9 минггача ходимни қисқартиришини маълум қилди. Бу мазкур йилдаги навбатдаги қисқартириш тўлқини бўлди.

Microsoft

Компаниянинг баёнотига кўра, бир неча бўлимлар бу қарордан таъсир кўради, лекин аниқ қайси бўлимлар экани очиқланмади.  Шунга қарамай, оммавий ахборот воситалари Xbox видео ўйинлар бўлими ҳам қисқартиришга дуч келиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Microsoft сунъий интеллект соҳасига катта еътибор қаратмоқда ва бу йўналишда 80 млрд доллар сарфлаб, янги маълумот марказлари қурмоқда. Компания матбуот котибининг маълум қилишича, бу ўзгаришлар бозордаги рақобатда муваффақиятли бўлиш учун зарур.

Мазкур қисқартириш компаниянинг жаҳон бўйича 228 минг ходимининг тахминан 4 фоизини ташкил этади. Microsoft 2025 йилда бу билан бирга тўртинчи марта қисқартириш олиб бормоқда. Май ойида ҳам 6 минг иш ўрни қисқартирилган эди.

Вашингтон штати расмий базасига кўра, қисқартириладиган иш ўринларининг катта қисми Редмонд ва Белвю шаҳарларида жойлашган бўлади.

Охирги йилларда Microsoft компанияси сунъий интеллект ва маълумот марказлари ҳамда чиплар ишлаб чиқишга катта маблағ йўналтирмоқда. Ўтган йили британ сунъий интеллект мутахассиси Мустафа Сулаймон Microsoft AI бўлимининг раҳбари этиб тайинланган эди.

Microsoft сунъий интеллект келгуси 50 йилни тубдан ўзгартиришига ишонмоқда. Компаниянинг OpenAI билан ҳамкорлигида баъзи муаммолар кузатилган, чунки бизнес мижозлари Copilot ёрдамчисидан кўра ChatGPT’ни афзал кўрмоқда.

АҚШдаги бошқа йирик технологик компаниялар ҳам сунъий интеллект соҳасида етакчи мутахассисларни жалб қилиш учун кучли рақобат олиб бормоқда. Meta компанияси рақобатчилардан мутахассисларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда, OpenAI эса баъзи мутахассисларга 100 млн долларлик бонус таклиф қилинаётганини маълум қилди.