Украина ва Буюк Британия дрон ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этди

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Raybird туркумидаги разведка дронлари Британияда ишлаб чиқарилади ва Украина ҳамда НАТО армияларига етказиб берилади.

Dron

Украинанинг Skyeton компанияси ва Буюк Британиянинг етакчи мудофаа компанияси Prevail Partners дронлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона тузганини эълон қилди. Ушбу лойиҳа доирасида Raybird туркумидаги разведка дронларини серияли тарзда ишлаб чиқариш Британияда йўлга қўйилади.

Лойиҳа нафақат Украина Қуролли Кучларини, балки Буюк Британия армияси ва НАТОга аъзо бошқа давлатларни ҳам дронлар билан таъминлашни кўзда тутади.

Skyeton компанияси ACS-3/Raybird комплекслари билан танилган бўлиб, бу узоқ муддат парвоз қила оладиган ва юқори самарали разведка дрони ҳисобланади. Raybird дронлари 2018 йилдан бери Украина армиясида хизмат қилади ва 350 минг соатдан зиёд жанговар парвоз тажрибасига эга.

Дрон ҳавода 28 соатгача қолиши ва 2500 км масофани босиб ўтиши мумкин. У 5,5 км баландликдан визуал разведка олиб бориши, ҲҲҲ тизимларига чап бериши ва радиоэлектрон кураш зоналарида самарали ҳаракат қилиши билан ажралиб туради.

Skyeton маълумотларига кўра, Raybird йил давомида ўнлаб модернизациядан ўтади. Сўнгги версиялардан бирида лазерли аниқлаш тизими интеграция қилинган бўлиб, бу дронларга тўғрилаш имкониятига эга бўлган қуролларни метрдек аниқликда бошқариш имконини беради.

Prevail Partners таъкидлашича, Raybird ўз синфи бўйича муваффақиятли рақобатчи ҳисобланади ва узоқлик, арзонлик ва парвоз давомийлиги билан ажралиб туради.