ЖССТ 3 июл куни эълон қилган баёнотда таъкидланишича, зарарли маҳсулотлар истеъмоли юқумли бўлмаган хасталиклар — юрак, қандли диабет, саратон каби касалликлар эпидемиясини кучайтирмоқда. Ушбу касалликлар дунё бўйича ўлим ҳолатларининг 75 фоизидан ортиғини ташкил қилади.
Ташкилот ҳисоб-китобига кўра, агар 2035 йилгача тамаки ва алкоголли ичимликлар нархи 50 фоизга оширилса, кейинги 50 йилда тахминан 50 миллионгача эрта ўлим ҳолатларининг олдини олиш мумкин бўлади.
Маълум қилинишича, 2012–2022 йиллар оралиғида 140 га яқин мамлакатда тамаки маҳсулотларига солиқ оширилиб, ҳақиқий нархлар 50 фоизгача ўсган. Колумбиядан Жанубий Африкагача бўлган кўплаб мамлакатлар бу орқали аҳоли саломатлигини яхшилаш билан бирга бюджет тушумларини ҳам кўпайтириш имконига эга бўлган.
Шу билан бирга, ЖССТ баъзи давлатларда тамаки ишлаб чиқарувчилар учун солиқ имтиёзлари сақланиб қолганини, бу эса ислоҳотларга тўсқинлик қилаётганини қайд этди. Ташкилот ҳукуматларга бундай имтиёзларни қайта кўриб чиқиш ва келгусида улардан воз кечишни тавсия қилмоқда.