Талаб йўқ: Россияда портларда 50 млн тонна кўмир ортган кемалар тўпланиб қолди

19:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Европа бозори йўқотилганидан кейин Россия кўмир саноатидаги инқироз фонида портларда 50 млн тоннадан зиёд сотилмаган кўмир йиғилиб қолди. Бу умумий 2024 йилги экспортнинг чорак қисмини ташкил қилади.

Coal

«Ингосстрах» банки таҳлил бўлими директори Василий Кутиннинг «Коммерсант»га билдиришича, бу кўмирлар портлардаги омбор майдонларида тўпланиб, юборилмаяпти. Портлардаги юқори ортиқча юкларни стивидор компаниялари (портларда юк ортириш ва тушириш билан шуғулланувчи ташкилотлар) ҳам тасдиқлади: «Деярли барча порт омборлари тўлиб кетган — бозор тушунарсиз, талаб йўқ, жўнатмалар амалга ошмаяпти».

НКР рейтинг агентлиги бошқарувчи директори Дмитрий Орехов порт омборларидаги ортиқча юкланганлик даражасини 15–20 фоиз атрофида баҳолади. «Риком-Траст» компанияси таҳлил бўлими раҳбари Олег Абелевнинг сўзларига кўра, асосий портларда кўмир захиралари ўртача ойлик кўрсаткичдан 20–25 фоизга юқори.

Таман портидаги ОТЭКО компанияси мутасаддиларининг айтишича, бу ҳолат ички ва ташқи логистика занжирлари бузилган йирик ишлаб чиқарувчилар ва трейдерлар билан боғлиқ. Ореховнинг фикрича, экспортдаги сўниб бораётган талаб ва логистик муаммолар бартараф этилмагунча, муаммо йил охиригача давом этади.

NEFT Research таҳлилчилари айтишича, портлардаги омборларни бўшатиш ва экспортни ошириш учун жаҳон нархларининг ошиши зарур. Айни дамда портларда кўмирни ортиш нархи йиллик ҳисобда 23,3–48,6 фоизга тушиб, ҳар тоннаси 9,2–13 доллар атрофида шаклланмоқда. Май ойи билан солиштирилганда бу 7,3–18,8 фоиз паст кўрсаткич.

Маълумотларга кўра, май ойида Россиядан экспортга юборилган энергетик кўмир ҳажми баъзи йўналишларда 50 фоиздан ортиққа камайган. Январдан буён денгиз орқали кўмир экспорт ҳажми энг тез камайган давр сифатида қайд этилмоқда.