17 та субъект реклама қонуни бузилиши учун жаримага тортилди: улар орасида банк филиаллари ҳам бор

20:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда реклама қонунчилиги бузилишини аниқлаш бўйича текширувлар натижасида 17 та субъектга нисбатан иш қўзғатилиб, молиявий жарималар қўлланилди.

Raqobat

Рақобат қўмитаси хабарига кўра, унинг ҳудудий бошқармалари томонидан оммавий ахборот воситалари, интернет ва ташқи реклама воситаларидаги рекламалар қонун талабларига қанчалик мос эканлиги тизимли ўрганилди. Ушбу текширувлар натижасида қонун талаблари бузилган ҳолатлар кўплаб субъектлар фаолиятида аниқланди.

Айниқса, Қорақалпоғистон Республикасида «VORIS GAZ OIL» МЧЖ, Хоразмда «OSTONA ASL BARAKA» МЧЖ, Бухорода «OMAD BUKHARA MAJMUA» МЧЖ ва Навоийда «HUMOYUNSHOX HOTEL» МЧЖнинг рекламаларида қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилди.

Қонунбузарлар орасида Сурхондарё вилоятида «Davr Bank» ХАТБ Термиз банк хизматлари маркази, Қашқадарё вилоятида «Infinbank» АЖ Қашқадарё вилояти филиали ва «Tengebank» АБТ Қарши банк хизматлари маркази ҳам бор.

Қонунбузарлик ҳолатлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган тартибда 17 та субъектга нисбатан иш қўзғатилди. Махсус комиссия ишни кўриб чиқиб, молиявий жарималар қўллаш бўйича қарор чиқарди. Шу билан бирга, қонунбузарликларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик учун тегишли кўрсатмалар берилди.

Текширув натижаларига кўра, реклама қонунчилиги талабларига риоя қилиш барча субъектлар учун мажбурий экани яна бир бор эслатиб ўтилди. Рақобат қўмитаси ушбу йўналишда назоратни кучайтиришини билдирди.