Россияда алкогол сотиш ёши 21 га кўтарилиши мумкин

21:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Давлат Думасига 18 ёш эмас, 21 ёшгача алкоголли маҳсулотлари сотишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди. Бу мамлакатда алкогол истеъмолини камайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлиши мумкин.

Vodka

Россия Давлат Думаси расмий сайтида эълон қилинган қонун лойиҳасига кўра, алкогол сотиш ёшини 18 ёшдан 21 ёшга кўтарилиши таклиф қилинмоқда. Лойиҳа муаллифи — сенатор Марина Сидухина. Унинг таъкидлашича, спиртли ичимликлар ёшлар соғлиғига салбий таъсир кўрсатиб, жамиятда ижтимоий деградацияга олиб келади ва шахс ривожланишига тўсиқ бўлади.

Марказий иллатлардан бири сифатида Сидухина спиртли ичимликлар инсоннинг жисмоний ва руҳий соғлиғига зарар етказишини, айниқса 21 ёшгача мия ривожланиши давом этаётган даврда бу хавфли эканини қайд этди. Лойиҳада АҚШ ва бошқа бир қатор давлатлардаги тажрибага таяниб, бу ёш чегараси юқори бўлиши зарурлиги урғуланган.

Айни пайтда, Россияда алкогол истеъмоли кўпайиб бормоқда. 2024 йил якунида спиртли ичимликлар истеъмоли 8,38 литр этанолга тенглашди, бу эса сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлди. FinExpertiza маълумотига кўра, кучли алкогол маҳсулотлари (ароқдан ташқари) сотуви 10,2 фоизга ўсган.

Мамлакат ҳукумати 2030 йилгача спиртли ичимликлар истеъмолини 7,8 литргача туширишни мақсад қилган концепция асосида бир қатор чора-тадбирлар қабул қилди. Улар орасида реклама тақиқлари, спиртли ичимликлар савдосини чеклаш ва биометрик текширувлар орқали назоратни кучайтириш каби таклифлар бор.

Айни пайтда Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари, Якутия, Бурятия, Вологда ва Калуга областлари каби ҳудудларда алкогол сотиш вақтини чекловчи қоидалар амалда. Масалан, Вологдада спиртли ичимликлар фақат иш кунлари 12:00 дан 14:00 гача сотилиши мумкин.