Ортиқхўжаевнинг $550 млн.лик лойиҳаси, нодавлат олийгоҳларга янги шартлар, ўғирлаган «Анорбанк» эгаси — 3 июл дайжести

22:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

дайжест 0307

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Анталяда 550 млн долларлик лойиҳа бошлади

Ўзбек ишбилармони Жаҳонгир Ортиқхўжаев Туркиянинг Анталя шаҳрида 550 млн долларлик йирик инвестиция лойиҳасини бошлади. Лойиҳа доирасида турар-жой, меҳмонхона ва савдо маркази қурилиши режалаштирилган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу лойиҳани турк шериклари билан биргаликда амалга оширмоқда. Унинг таъкидлашича, бу инвестиция Туркияда турли соҳаларда бизнес муҳитини кенгайтиришга ва икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янада кучайтиришга хизмат қилади. У Анталияда олиб борилаётган қурилиш ишлари 2027–2028 йилларда тўлиқ якунланиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

 

Нодавлат олийгоҳлар учун янги лицензия шартлари жорий этилди

Энди лицензия олиш учун ариза берувчи ташкилот таълим концепциясини тақдим этиши керак. Шунингдек, устав капитали камида 2 млн доллар эквивалентида шакллантирилиши лозим. Бу сумма моддий-техник база ва таълим жараёнини таъминлашга йўналтирилади. Талабалар сони кўпайган сари устав фонди ҳам оширилиши шарт.

Қарорга мувофиқ, 350 минг доллар миқдоридаги маблағлар тижорат банки депозитларида захира сифатида сақланиши талаб этилади. Бундан ташқари, таълим олиш учун мўлжалланган биноларнинг майдони 5 минг квадрат метрдан кам бўлмаслиги керак. Ушбу бинолар мулк сифатида эмас, ижара шартномаси орқали фойдаланилиши мумкин.

 

Парижда «Анорбанк» акционери ўғирлаб кетилгани маълум бўлди

Банк эгаси Қаҳрамонжон Олимов 21 июн куни Тошкентдан Истанбул орқали Парижга етиб келган. Келган куни меҳмонхона барида у ўзини Анастасия деб таништирган аёл билан учрашган. Аёл рус ва инглиз тилларида гапирган, Туркияда гўзаллик салонида ишлашини айтган.

Ҳодисалар ривожи давомида Олимов зўрлик билан Ниццадаги хусусий уйга олиб кетилган ва у ерда калтакланган. Унга ўлим таҳдидлари қилинган, бўйнига пичоқ тиралиб, ёлғондакам қотиллик саҳналари намоён қилинган.

Тахминан икки кундан сўнг, товон пули тўланганидан кейин Олимов озод қилинган. Ҳозиргача бир нафар гумонланувчи «ташкил этилган гуруҳ таркибида асир олиш» жинояти билан қамоққа олинган.

«Анорбанк» банк раҳбарининг Францияда ўғирланиши бўйича расмий баёнот ҳам берди.

 

«Sevimli TV» телеканали муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди

Адлия вазирлиги текширувига кўра, муаллиф Раҳматжон Худойбердиевга тегишли бир қатор мусиқий асарлар «Sevimli TV» телеканали томонидан бир неча теленовеллаларда муаллифнинг розилигисиз ва тегишли шартнома тузмасдан қўлланилган. Шунингдек, ушбу асарлар «Splay» ва «YouTube» платформалари орқали кенг жамоатчиликка етказилгани аниқланган.

 

Тожикистонга 60 га яқин автомашиналар ноқонуний олиб ўтилгани фош этилди

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси томонидан олиб борилган текширувларда 60 га яқин автомашинанинг Тожикистонга ноқонуний равишда олиб ўтилгани ва у ерда сотилгани аниқланди.

Мазкур схемада 8 нафар шахс иштирок этган бўлиб, улар ҳар бир автомобил учун 100−200 доллардан ҳақ олган. Автомашиналар асосан «Андархон», «Ойбек», «Поп» ва «Ховособод» божхона постлари орқали олиб ўтилган.

Тожикистон ҳудудида BYD, Volkswagen, Kaiyi X3, Honda, Geometry, Faw ID4 каби 59 та турли маркадаги машиналар ноқонуний тарзда сотилган. Ушбу ҳолат фош этилиб, ҳозирда қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қўмита фуқароларни ишончнома асосида автомашинани бошқа шахсга берганда эҳтиёт бўлишга чақирди.