Россия Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олди. Бу ҳақда ТАСС Россия ТИВга таяниб, маълум қилди.
3 июл куни Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Афғонистоннинг Россиядаги янги тайинланган элчиси Гул Ҳасандан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилган.
Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Россия Федерацияси томонидан Афғонистон расмийларининг расман тан олиниши икки мамлакатнинг турли соҳалардаги самарали икки томонлама ҳамкорлигини ривожлантиришга туртки беришини маълум қилди. Ташқи сиёсат идораси Москва Кобул билан энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларга эътибор қаратган ҳолда савдо-иқтисодий йўналишдаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини кўраётганини таъкидлади.
Мазкур янгилик ортидан Афғонистоннинг Москвадаги элчихонасида “Толибон” жорий қилган янги давлат байроғи илинди. Бу байроқ 2021 йилда Толибон ҳокимиятга келганидан кейин илк бор Россия пойтахтида расман кўтарилди.
19 июн куни Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Россия Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматини «ўз вақтида» тан олганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон ҳамжамиятининг кўплаб аъзолари ҳануз “Толибон”ни расман тан олмаган ва унинг ҳукуматига эътироз билдирмоқда. Россиянинг ушбу қадами эса Афғонистоннинг халқаро мавқеига таъсир кўрсатувчи янги босқич бўлиши кутилмоқда.