China Eastern Airlines Тошкентга қатновларни бошлашга тайёргарлик кўрмоқда

10:20 | 3 дақиқада ўқилади.

China Eastern Airlines Ўзбекистонга мунтазам рейслар амалга ошириш учун рухсатнома олди. Мазкур авиакомпания Сиан — Тошкент — Сиан йўналишида парвозлар йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

China eastern

Бу ҳақда «Ўзавиация» агентлиги ўз расмий саҳифасида маълум қилди.

Қатновлар Boeing 737-800 учоқларида амалга оширилади. China Eastern Airlines компанияси ўз парвозлари орқали Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳаво қатновини янада ривожлантиришни кўзламоқда.

Икки кун олдин Хитойнинг яна бир йирик авиакомпанияси — Air China ҳам «Ўзавиация»дан Пекин ва Урумчи шаҳарларидан Тошкентга рейслар бошлаш учун рухсатнома олгани ҳақида хабар қилинган эди.

Жорий йил июнида С5+1 форматидаги гражданлик авиацияси конференцияси доирасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳаво қатновларини ҳафтасига 100 тага етказиш бўйича келишувга эришилган. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида парвоз амалга оширадиган компаниялар сони икки бараварга кўпайтирилиши режалаштирилган.

Келишувларга кўра, Хитой авиакомпаниялари исталган шаҳардан Ўзбекистоннинг халқаро аэропортларига рейслар амалга ошириши мумкин бўлади. Ўзбекистон компаниялари эса Хитойдаги 12 та шаҳарга парвоз қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Авиация бозорида фаолият юритаётган хусусий Centrum Air авиакомпанияси ўтган йил октябрь ойида Тошкент — Гуангжоу йўналишида рейслар очиш режасини эълон қилган эди. Шунингдек, China Southern 2025 йилдан бошлаб Гуангжоу — Тошкент рейсларини Урумчида тўхташ билан амалга оширишини маълум қилган.