Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, сўнгги етти йил ичида мамлакатда хизматлар соҳаси барқарор ўсишга эришди. 2024 йилда соҳа мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 47,4 фоизини ташкил этди. Бандликдаги улуши эса 55,4 фоизга етди, бу 7,9 миллион аҳоли фаолияти билан боғлиқ.
Жаҳон банкининг баҳолашига кўра, 2017–2023 йилларда Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг ўсиш суръати йиллик 6,5 фоизни ташкил қилиб, Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Молия, ахборот, алоқа ва таълим хизматларидаги ўсиш айниқса катта бўлди.
2023 йилда Ўзбекистон электрон тижорат бозор ҳажмини 1 млрд АҚШ долларидан оширди. Шунингдек, мамлакат рақамли иқтисодиётнинг улушини 3,7 фоизгача оширишга муваффақ бўлди. Бу кўрсаткич 2017 йилда 2,2 фоиз эди.
Хизматлар соҳаси бўйича халқаро рейтингларда ҳам Ўзбекистон натижалари яхшиланди. Хусусан, Kearney халқаро индексда Ўзбекистон 40-ўринни, рақамли бошқарув бўйича эса 43-ўринни эгаллади. Электрон иштирок индексида мамлакат 53-ўринга кўтарилди.
Туризм секторида ҳам юқори ўсиш кузатилди. 2024 йилда мамлакат 8 миллион сайёҳни қабул қилди ва туризм хизматларининг иқтисодиётдаги улуши 22,4 фоизга етди. Ўзбекистон Туризм ривожланиш индексида 16 поғонага юқорилаб, 78-ўринни эгаллади.
Логистика соҳасида эришилган натижалар ҳам аҳамиятли. МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистон 5-ўринга, Марказий Осиёда эса 2-ўринга чиқди. Бу, асосан, божхона тизими ва халқаро савдо логистикасининг яхшиланиши ҳисобига содир бўлди.
2024 йил якунида хизматлар экспорти 7,2 миллиард АҚШ долларига етди. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 6 баробар кўп бўлиб, умумий экспорт ҳажмининг 26,7 фоизини ташкил қилди. Экспортнинг асосий қисмини туризм ва транспорт хизматлари эгаллади.