Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги мансабдори пора билан ушланди

11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ҳокимлик бўлим бошлиғи фуқародан 9500 доллар олаётганда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди.

Dxx

Тошкент вилоятида ҳокимият балансига ўтказилиши режалаштирилган уч хонали уйни суддаги танишлари орқали 67 ёшли фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган Оҳангарон шаҳри ҳокимлиги бўлим бошлиғи қўлга олинди, деб хабар берди ДХХ.

Мансабдор бу хизмати эвазига умумий 18 500 доллар, жумладан, уй учун 15 000 доллар, суддаги танишларга бериш учун 3 500 доллар талаб қилган.

«Масъул аввалдан келишилган 9 500 долларни олган пайтида ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси ва ИЖҚКД ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди», дейилади хабарда.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.