АҚШ Молия вазирлиги маълум қилишича, санкцияга учраганлар орасида Ироқ тадбиркори Салим Аҳмад Саид ва унинг Бирлашган Араб Амирликларидаги компанияси бор. Саид Эрон нефтини Ироқ нефти билан аралаштириб, ноқонуний сотишда айбланмоқда.
АҚШ молия вазири Скотт Бессент баёнотида: «Эрон тинчлик йўли ўрнига экстремизмни танлади. Ғазначилик Теҳроннинг даромад манбаларини нишонга олиш ва иқтисодий босимни кучайтиришда давом этади», деди.
Қўшма Штатлар президенти Доналд Трамп урушдан сўнг Эронга нисбатан сўз берган юмшоқ сиёсатидан тезда чекинди. Трамп аввал Хитой Эрон нефтини харид қилиши мумкинлигини билдирган ва санкциялар юмшатилишига ишора қилган эди. Бироқ у тез орада ижтимоий тармоқ орқали бу режалар бекор қилинганини маълум қилди.
Трамп, шунингдек, Исроилни Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаийга суиқасддан тўхтатганини айтиб, «жуда жирканч ва жоҳилона ўлим»дан уни қутқарганини таъкидлади. Исроил мудофаа вазири Исраел Кац эса Хоманаийни ўлдириш имконияти бўлмаганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 13 июндан бошлаб Исроил Эрон ҳудудини ҳаводан бомбардимон қилишни бошлаган. Уруш давомида икки давлатнинг юзлаб тинч аҳолиси ва юқори лавозимли ҳарбийлари ҳалок бўлган.
22 июнга ўтар кечаси Трамп АҚШ ҳарбийлари Эроннинг Фордо, Натенз ва Исфаҳондаги учта ядровий объектига муваффақиятли ҳужум қилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Теҳрон можарони тугатишга мажбур бўлиши керак. 24 июн куни эса Трамп Исроил ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганини эълон қилди.