2030 йилга бориб, иссиқлик туфайли 80 млн иш ўрни йўқолиши мумкин

14:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Яна 5 йилдан сўнг иссиқлик туфайли 80 миллионга яқин иш ўрни йўқолиши мумкин. Агар иш қуёш остида бўлса, йўқотилган иш соатлари 3,8 фоизгача етиши мумкин.

Jara

Ҳавонинг исиб кетиши туфайли 2030 йилга бориб жаҳон бўйлаб 80 миллионга яқин иш ўрни йўқолиши мумкин. Агар иш қуёш остида бўлса, йўқотилган иш соатлари 3,8 фоизгача етиши мумкин. Бу эса 136 миллион тўлиқ ставкали иш ўрнига тенг бўлади, деб ёзмоқда Perry World House.

Агар ҳаво меъёрдан ортиқ даражада исиб кетса, инсон организми тана ҳароратини меъёрида ушлаб тура олмайди. Бу ҳолат ноқулайлик, чарчоқ, ҳатто соғлиққа зарар етказадиган ҳолатларга олиб келиши мумкин. Масалан, тана ҳарорати 38°C дан ошганда одамнинг жисмоний ва ақлий фаолияти пасаяди. Агар ҳарорат 40,6°C дан юқорига кўтарилса, бу ҳушдан кетиш, ички аъзоларга зарар етиши ёки ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.

Ишчилар учун иссиқ ҳаво янада жиддий хавф туғдиради. Уларда тез чарчоқ, жароҳатланиш хавфи ва кўпроқ танаффус олиш ҳолатлари кўп учрайди. Бу эса меҳнат унумдорлигининг пасайишига олиб келади. Бошқача айтганда, одамлар секинроқ ишлайди, иш вақти қисқаради, натижада иқтисодиётга ҳам зарар етади.

Иссиқ ҳаво барча соҳаларга бирдек таъсир қилмайди. Асосан очиқ ҳавода, оғир жисмоний меҳнат талаб қилинадиган ишлар – масалан, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш – юқори ҳароратдан энг кўп зарар кўради.

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳисоб-китобига кўра, 2030 йилда иссиқ об-ҳаво сабабли йўқотиладиган иш соатларининг 60 фоизи қишлоқ хўжалиги, 19 фоизи эса қурилиш соҳаси ҳисобига тўғри келади.

 

Infografika

Ҳароратнинг бундан кейин ҳам ошиши баъзи ҳудудларда қишлоқ хўжалигини фойдасиз қилиб қўйиши, натижада кўплаб одамлар ишидан айрилиши мумкин.

Иссиқликнинг салбий таъсири бошқа соҳаларда ҳам ортади. Масалан, қурилиш соҳасида ҳозирда йўқотилаётган иш соатлари 1995-йилдагига қараганда анча кўп. Чунки бу соҳада бандлик ортиб бормоқда ва об-ҳаво шароити ишга тўғридан тўғри таъсир қилади.

Тадқиқотга кўра, Жанубий Осиё ва Ғарбий Африкада глобал иссиқлик туфайли йўқотилган иш соатлари сони айниқса юқори бўлади. 2030 йилда ушбу икки субминтақада иш вақтининг тахминан 5 фоизи йўқотилиши кутилмоқда, бу мос равишда тахминан 43 миллион ва 9 миллион тўлиқ ставкали иш ўринларига тўғри келади. Жануби-Шарқий Осиё ва Марказий Африка каби бошқа минтақаларда ҳам иш вақтининг қисқариши глобал ўртача кўрсаткичдан юқори бўлиши кутилмоқда.

Дарҳақиқат, тропик ва субтропик кенгликларда жойлашган ҳудудларда экстремал ҳарорат ва қишлоқ хўжалигидаги умумий бандликнинг юқори улуши иссиқлик стрессини жиддий хавфга айлантиради.

Экспертларга кўра, Европа субрегионлари камроқ салбий таъсирга дуч келади. Минтақада иш соатларининг тахминий қисқартирилиши 0,1 фоиздан паст бўлади.

Ўзбекистон ижтимоий сиёсат лабораториясига кўра, мазкур ҳолатни ҳисобга олган ҳолда меҳнатга оид қонунларда иссиқликка нисбатан минимал хавфсизлик стандартлари (максимал ҳарорат, мажбурий танаффуслар, сувдан фойдаланиш имконияти) киритилиши керак.

Лаборатория экспертларига кўра, иш шароитлари ишлаб чиқариш самарадорлигидангина эмас, балки инсон саломатлиги ва фаровонлигидан келиб чиқиб баҳоланиши лозим.

Шунингдек, итимоий суғурта тизимлари ишчилар экстремал иқлим шароитида ишлаш имконияти бўлмаганда ҳам даромадсиз қолиб кетмаслигини инобатга олиб мувофиқлаштирилиши керак.

Меҳриноз Фармонова тайёрлади.