Москвада ва Москва вилоятида мигрантларни ҳисобга олишнинг янги электрон тизими жорий этилади. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар берди. Тизим 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб синов тариқасида ишга туширилади.
Янги қоидаларга кўра, агар мигрантнинг телефони уч иш куни давомида ўчирилган бўлса, ёки унинг геолокацияси аниқланмаса, у автоматик равишда рўйхатдан чиқарилади. Шунингдек, агар мигрант бошқа ҳудудда рўйхатдан ўтса, Россиядан чиқиб кетса ёки вафот этса, рўйхатдан чиқариш тартиби қўлланилади.
Мутахассислар таъкидлашича, агар шахс телефонни ўчирса, бошқа ҳудудга кўчса ёки махсус илова орқали фаолият юритмаса, бу унинг рўйхатдан чиқарилишига сабаб бўлади. Янги тизим ҳозирча Москва ва Москва вилоятида синов сифатида жорий этилмоқда ва 2029 йил 1 сентябргача амал қилади.
Аввалроқ Россияга кириш учун ruID иловаси орқали ариза бериш ихтиёрийлиги ҳақида маълум қилинган эди. Бу аризани тўлдириш шарт эмас — унинг йўқлиги чегарадан ўтишга таъсир қилмайди. Бироқ ариза тўлдирилса, мигрантлар Россия давлат хизматларидан рақамли тарзда фойдаланиш, SNILS рақамини автоматик олиш ва кириш чекловларини олдиндан текшириш имкониятига эга бўлади.