3 июл куни АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия Арабистони мудофаа вазири шаҳзода Холид бин Салмон билан яширинча учрашув ўтказди. Axios нашрининг манбаларига кўра, музокараларда Эрон билан боғлиқ вазият, Ғазодаги урушни тўхтатиш, HAMAS гаровида қолганларни озод қилиш ва минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган.
Учрашув Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг 7 июл куни Оқ уйга ташрифидан олдин ташкил этилган. Трамп маъмурияти яқин ойларда Саудия ва Исроил ўртасида тарихий тинчлик битими тузилишини кўзлаётгани айтилмоқда.
Музокарадан сўнг Саудия ташқи ишлар вазири Эрон бош штаби раҳбари Абдурраҳим Мусавий билан телефон орқали мулоқот қилди. У минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш чоралари муҳокама қилинганини маълум қилди.
Трамп маъмуриятининг махсус вакили Стив Уиткоф эса келаси ҳафта Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий билан ядровий музокараларни қайта бошлаш бўйича учрашишини билдирди. Трамп аввалги баёнотларида Эрон АҚШ билан музокарага тайёр эканини таъкидлаган эди.
Манбаларга кўра, 12 кунлик уруш вақтида Саудия Эрон томонидан Исроилга учирилган дронларни тўхтатиш операцияларида иштирок этган. Саудия ҳудудида, жумладан Ироқ ва Иордания осмонида дронларни тўхтатувчи вертолётлар жойлаштирилган. Баъзи дронлар Исроилга етиб бориши мумкин эди, аммо Саудия суверенитетига таҳдидни олдини олиш учун улар олдинроқ йўқ қилинган.
Саудия расмийлари ҳозирча бу операцияда қатнашганини расман тасдиқлаган эмас. Шу билан бирга, Саудия Эрон ҳудудига қилинган Исроил зарбаларини қоралаган ва ўз ҳаво ҳудудидан бундай зарбалар учун фойдаланишга йўл қўймаслигини таъкидлаган.
Саудия Арабистони АҚШда ишлаб чиқарилган замонавий қуроллар ва ҳаво мудофаа тизимларига эга. Доналд Трампнинг биринчи президентлик даврида Саудия билан катта ҳарбий битим имзоланган ва бу ҳамкорлик кейинчалик кенгайтирилган.