Трамп ва оиласи криптовалюта орқали бойлигини 620 млн долларга оширди

16:00 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ Президенти Доналд Трамп ва унинг оиласи криптовалюта ва лицензия битимлари орқали сўнгги йилларда 620 млн долларлик даромад қўлга киритди. Янги лойиҳалар оила учун анъанавий кўчмас мулкдан кўра катта фойда олиб келмоқда.

Tramp

Bloomberg нашрининг хабар беришича, Доналд Трамп 2025 йилда АҚШ президенти лавозимига қайтганидан кейин унинг умумий бойлиги 6,5 млрд доллардан 6,4 млрд долларга камайган. Бироқ Трамп ва унинг оиласи криптовалюта лойиҳалари орқали 620 млн долларлик қўшимча даромад олган.

Оила фаолиятида криптовалюта ва лицензия битимлари тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Улар спорт кроссовкалари, атирлар, смартфонлар ва мем-токенлар орқали янги даромад манбалари яратишга эришган. Бу фаолият анъанавий кўчмас мулкдан кўра тез ва юқори фойда келтирмоқда.

Трамп оиласи асосий фойдани World Liberty Financial компанияси орқали олмоқда. Компания 550 млн долларлик криптоактив сотган, шундан 390 млн доллари Трамп оиласи улушига тўғри келган. Шунингдек, оила 22,5 млрд дона компания токенларига эгалик қилади, лекин улар ҳозирча сотилмаслиги сабабли расмий актив сифатида ҳисобланмайди.

2025 йилда Трамп жамоаси TRUMP ва MELANIA номли мем-токенларини ишга туширди. Бу токенлар қисқа вақт ичида йирик криптовалюта бозорига кирди. Bloomberg хисобларига кўра, TRUMP токенларининг умумий қиймати 150 млн доллар атрофида баҳоланмоқда.

World Liberty Financial компанияси томонидан чиқарилган USD1 номли стейблкоинга Абу-Даби инвесторлари орқали 2 млрд долларлик сармоя жалб қилинган. Шунингдек, БAA ва Қатардан келган инвестициялар Трамп оиласининг янги лойиҳаларига катта молиявий ёрдам кўрсатмоқда.

Трамп оиласи World Liberty Financial ва крипто лойиҳалардан ташқари, Саудия Арабистони ва Дубайда қиймати миллиард долларлик кўчмас мулк лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирган.

Bloomberg маълумотларига кўра, агар ҳозирги суръат сақланса, Трамп ва унинг оиласи крипто лойиҳалар орқали келгуси йилларда 1 млрд доллардан ортиқ даромад олиши мумкин.