Бир гуруҳ ўқитувчилар Макттабгача ва мактаб таълими вазирлигини судга берди. «Халқ таълими инфо» нашри ёзишича, ўқитувчилар аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш, маънавий зиённи ва вакил харажатларини ундириш юзасидан даъво аризаси тақдим этган.
Маълумот учун, 2025 йил 15 апрелдан 14 майгача педагоглар учун аттестация тест синовлари ўтказилган эди. Жараёнларда 177 минг 640 нафар ўқитувчи иштирок этган. Натижаларга кўра, 73 мингдан ортиқ ўқитувчи имтиҳондан муваффақиятли ўтган бўлса, тахминан 104 минг ўқитувчи (58,9 фоиз) етарли балл тўплай олмаган.
Тест синовлари пайтида ижтимоий тармоқларда айрим фан ўқитувчилари тест саволларидан норози эканини билдирган. Вазир ўринбосари Сардор Ражабов баллдан қониқмаганлар апелляция беришлари мумкинлигини айтган. Бироқ кўпчилик ўқитувчилар апелляция комиссияси жавоблари умумий ва бир хил бўлганидан шикоят қилган.
Ўқитувчилар тест саволларининг жуда мураккаб экани, саволлар мавзуларга мос келмагани ва тестология талабларига риоя қилинмаганини билдирган. Судга топширилган даъво аризасида 9 та асосий эътироз келтирилган бўлиб, уларнинг асосий қисми тест мураккаблиги ва вақт меъёрига мос келмаслигини қамраб олган.
Шунингдек, апелляция комиссияси қарорлари ўз вақтида шахсий кабинетларга юборилмагани ва педагогларнинг шикоятлари асосли баҳоланмагани қайд этилган.
Ўқитувчилар суддан аттестация жараёнларини қайта ўтказиш, маънавий зиённи ундириш ва бошқа камчиликлар учун масъулият юклашни сўраган.