Портловчи ва заҳарли моддалар айланмасига талаблар кучайтирилди

18:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда портловчи ва хавфли моддалар билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тартиби 2025 йил 1 августдан қатъийлаштирилади. Янги талаблар хавфсизлик, санитария ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришни кўзда тутади.

Perotexnika

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июн куни қабул қилинган 397-сонли қарорига кўра, портловчи ва ёниш хавфи бўлган муҳит яратиши мумкин бўлган кимёвий моддалар ҳамда айрим заҳарли моддалар айланмасини тартибга солиш кучайтирилди.

Қарорга асосан, 2025 йил 1 августдан бошлаб портловчи ва хавфли моддаларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотиш учун лицензия олишда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан мажбурий келишув талаб этилади.

Лицензиялашда қатор янги талаблар жорий этилди. Жумладан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги белгилаган экологик меъёрларга риоя қилиниши, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати талабларига кўра махсус транспорт воситаларида ташиш таъминланиши шарт.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган I, II ва III хавфлилик синфига кирувчи моддаларни фойдаланишда санитария меъёрлари қатъий қўлланилиши лозим. Шунингдек, санитар-ҳимоя зонаси бўйича белгиланган ҳужжатлар талаблари ҳам тўлиқ бажарилиши шарт.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги портловчи ва хавфли моддаларни сақлаш, ташиш ва утилизация қилиш бўйича ўз талабларини белгилади.

Қарор билан хавфли кимёвий моддалар айланмасини тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари режаси ҳам тасдиқланди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 2025 йил 2 июлдан кучга кирди.