Юан рақамлашади: Хитой доллар устунлигига қарши электрон қадам ташламоқда

04.07.2025 08:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Хитой молиявий доираларида юанга боғланган рақамли стейблкоинлардан халқаро тўловларда фойдаланиш борасида чақириқлар кучаймоқда. Бу АҚШнинг доллар устунлигини сақлаб қолишга қаратилган рақамли ташаббусларига жавоб сифатида қаралмоқда.

Yuan s

Хитой ҳозирча стейблкоинлар — анъанавий валюталарга боғланган рақамли токенларни расман қўллаб-қувватламаган бўлса-да, марказий банк расмийларининг сўнгги баёнотлари бу технологиянинг глобал молия тизимидаги роли борасида янги муҳокамаларни рағбатлантирмоқда.

Хитой Халқ банки раҳбари Пан Гуншэн июн ойидаги чиқишида стейблкоинлар халқаро молияни тубдан ўзгартириши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, геосиёсий зиддиятлар шароитида анъанавий тўлов тизимлари заиф ва сиёсий босим воситасига айланиши мумкин.

Собиқ марказий банк раҳбари Чжоу Сяочуан эса долларга боғланган стейблкоинлар орқали долларизация жараёни кучайиши мумкинлигини қайд этди. Шунингдек, Хитой ва Гонконг молиячиларининг айтишича, юан асосидаги рақамли токенлар юаннинг халқаро мавқеини оширишда фойдаланилиши мумкин.

Пекин анъанавий криптовалюталарни молиявий барқарорлик ва капитал назоратига таҳдид сифатида кўради. Аммо айрим иқтисодчилар бу масалада янги имконият пайдо бўлганини таъкидламоқда. Уларга кўра, Доналд Трамп маъмурияти рақамли токенларни қўллаб-қувватлаётган бир пайтда, Хитой ҳам ўз позициясини қайта кўриб чиқиши мумкин.

«Морган Стэнли» таҳлилчилари фикрича, Хитой Гонконгни тажриба майдони сифатида танлаб, юан асосидаги стейблкоинларни синовдан ўтказиши мумкин. Бу Пекиннинг қатъий валюта режимига халақит бермасдан юаннинг ташқи бозордаги ролини кенгайтириш имконини беради.