Трамп Оқ уйда муштлашув ташкил қилмоқчи

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп 2026 йилда мамлакат Мустақиллик куни муносабати билан Оқ уй ҳовлисида UFC жангини ташкил этиш ниятида эканини маълум қилди. Бу таклиф Оқ уй расмийлари томонидан ҳам тасдиқланди.

Trump white house ufc

CNN хабарига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп келаси йили — мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги нишонланадиган 2026 йил 4 июл куни Оқ уй ҳовлисида UFC жангини ўтказишни таклиф қилган. Унинг сўзларига кўра, ушбу сана муносабати билан ҳар бир миллий боғ ва тарихий ҳудудларда махсус тадбирлар ташкил этилади.

«Биз UFC жангини ҳам ташкил этамиз, бу Оқ уй ҳовлисида бўлиб ўтади», — деган Трамп. Қайд этилишича, бу баёнот ҳазил эмас, балки жиддий таклиф бўлган. Оқ уй расмийлари ҳам бундай режалар мавжудлигини тасдиқлаган.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливиттнинг таъкидлашича, UFC тадбирини Оқ уй ҳудудида ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Агар мазкур ғоя амалга ошса, бу АҚШ тарихида давлат раҳбарининг ташаббуси билан Оқ уйда ўтказилган илк профессионал спорт жангларидан бири бўлади. Бу нафақат UFC учун, балки оммавий спорт тадбирлари учун ҳам тарихий воқеа сифатида қайд этилиши мумкин.

Ушбу ғоя АҚШда сиёсий ва жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлиши кутилмоқда.