Андижонда аёлини ўлдирган шахс қўлга олинди

13:30 | 2 дақиқада ўқилади.

4 июл куни Андижонда эр-хотин ўртасидаги жанжал аёлнинг ҳалок бўлиши билан тугади. Гумонланувчи эса қўлга олинди.

Gumonlanuvchi andijon

Маълумотларга кўра, Андижон шаҳрида яшовчи 47 ёшли фуқаро Д.А. эрталаб соат 9:30 ларда турмуш ўртоғи М.Д. билан жанжаллашиб, аёлни бўйин қисмига хўжалик пичоғи билан уриб жароҳатлаган. Оқибатда жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

Шу куниёқ Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) бўйича иш қўзғатилди. Гумонланувчига нисбатан қидирув эълон қилинган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Д.А. Андижон вилояти Олтинкўл туманида, Кўмакай маҳалласидан топилиб, ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.